Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиради

Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани, Полосон қишлоғида юз берган воқеа юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тезкор ўрганиш ишларини олиб борди.

2018 йилнинг 3 август куни соат 16:30да Полосон қишлоғи, Мозортаги кўчаси, 50-уйда истиқомат қилувчи, 1949 йилда туғилган Мирзажалил Ҳакимовнинг бехуш ётганлиги тўғрисида қариндошлари томонидан туман марказий тез тиббий ёрдамига мурожаат келиб тушган. Чақирув марказий тез тиббий ёрдами бўлими орқали қабул қилиниб, соат 16:31да 89-қишлоқ оилавий поликлиникасига узатилган. Tез тиббий ёрдами ходимлари, яъни шохобчанинг навбатчи врачи Шуҳратбек Сирожиддинов ва ҳамшира Умидахон Ҳусановалар шу заҳоти, соат 16:32да чақирувга чиқиб кетишган. Хонадонга тез тиббий ёрдами бригадаси соат 16:36, яъни 4 дақиқа ичида (Ўзбекистон Республикаси ССВнинг 2018 йил 19 февралдаги 105-сонли буйруғида тез тиббий ёрдами бригадаси чақирувга 25 дақиқа ичида етиб бориши белгиланган) етиб боришган.

Навбатчи врач тез тиббий ёрдами машинасидан тушиб беморни кўриш учун шошиб кириб кетаётган пайтида беморнинг набираси шифокорни ҳақорот қилиб, бесабаб дўппослаган. Врач Ш. Сирожиддинов бош ва қулоғи аралаш бехосдан тушган кучли зарбадан оғир мия жароҳати олиши ҳисобига ҳушидан кетиб йиқилган. Шундай вазиятда ҳам ўз хизмат вазифасини унутмаган ҳамшира Умидахон Ҳусанова беморни кириб кўрганда бемор аллақачон вафот этганлиги, ҳатто беморнинг қариндошларига хабар берилиб улар етиб келишгaнининг шоҳиди бўлган.

Врач Шуҳратбек Сирожиддинов ҳам бироздан сўнг ҳушига келгач, ўрнидан туриб беморни кўргани кирганида 70 ёшга кирган Мирзожалил Ҳакимовнинг бир неча дақиқа аввал вафот этганлиги, мурда аллақачон совиб бўлганлиги ва ҳатто қариндошлари мурданинг иягини хам боғлаб қўйганлигини кўрган. Врач Шуҳратбек Сирожиддинов ўрнидан тураётганда олган оғир жароҳати ҳисобига яна ҳушидан кетиб йиқилади ва тез тиббий ёрдами машинасида Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдами бўлимига “Оғир калла мия жароҳати, бош мия чайқалиши, чап қулоқ супраси атрофи юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, чап қулоқ пардасининг йиртилиши” ташхиси билан оғир аҳволда ётқизилади. Беморга вилоят марказидан юқори малакали, олий тоифали шифокорлар: реаниматолог Наталя Китаева, нейрохирург Бахтиёржон Ўринов ва оториноларинголог Шуҳрат Турғунбоевлар юборилиб, консилиум ўтгазилди. Консилиум хулосасига биноан беморнинг аҳволи оғир баҳоланиб, даво муолажаларини давом эттирилиши тавсия этилди.

Министерство здравоохранения усилит защиту прав врачей

Шу ўринда қайд этиш лозимки, шифокорлар томонидан минглаб хонадонларга бориб, беминнат кўрсатган хизматлари учун халқнинг ҳурматини қозониб келган. Лекин баъзи бир юқоридаги каби малакали шифокорларнинг дўппосланиши ва ҳақоратланиши тиббиёт ходимларининг ҳимоясиз эканлигидан далолат бермоқда. Бундай ҳолатлар охирги пайтларда тез-тез учраётгани тажрибали шифокорларнинг бирламчи тизимдан кетиб қолишларига сабаб бўлмоқда. Шу боис ҳар бир тиббиёт ходимининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб рағбатлантиришни кучайтириш борасида ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш юзасидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мазкур ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш учун Фарғона вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинди.

Соғлиқни саклаш вазирлиги

Ахборот хизмати.