Маълумки, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини асраш, бу борада профилактика ишларини кучайтириш мақсадида жойларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи тасарруфидаги Қўшма қарор асосида "Саломатлик мактаблари" томонидан тизимли фаолиятлар олиб борилмоқда. Хусусан, аҳолини тўлиқ патронаж хизмати билан қамраб олиш, уларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзи тарғиботи кенг кўламда амалга оширилмоқда. "Обод маҳалла" дастурида соғлиқни сақлаш тизимига доир белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича ўтказилган бу каби тадбирлар мамлакатимиз ва пойтахтимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилмоқда.
Жумладан, шу мазмундаги тиббий кўрик 13 июль куни Сергели тумани Дўстлик даҳасида жойлашган "Дарё бўйи" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Эльмира Баситханова иштирок этиб, тадбир иштирокчилари, маҳалла фаоллари ва ҳудудга бириктирилган тиббиёт ходимларига тиббий кўрикларни ташкил этишдан мақсад, унинг мазмун-моҳияти ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзининг тарғиботига оид амалга ошириш лозим бўлган вазифалар тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, мазкур фаолиятларнинг ҳамкорликда олиб борилаётганлиги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганлиги, бунинг натижасида аҳоли саломатлигини манзилли ўрганишга эришилаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Аҳамиятлиси, тадбирга ҳудуд шифокорларидан ташқари, пойтахтимиздаги етакчи клиникаларда турли йўналишларда фаолият юритаётган 15 нафардан малакали мутахассис жалб қилинди. Мутахассисларнинг ҳар бирига алоҳида қабул хонаси ташкил этилган ва улар тиббий кўрикка ташриф буюрган аҳоли билан гавжум. Қўшма қарор ижросини таъминлаш бўйича Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари кесимидаги мониторинг гуруҳи раҳбари Саодат Ҳамидованинг таъкидлашича, ушбу йўналишдаги тадбирлар 10-13 июль кунлари давомида Сергели туманининг бир қатор маҳаллалари ва оилавий поликлиникаларида ўтказилди. Бугунги тадбир туман марказидан чекка ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли қатламига мўлжалланганлиги учун уни ташкиллаштиришга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан жиддий тайёргарлик кўрилган. Тадбир доирасида асосий эътибор кекса-нуроний, кўп фарзандли ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларига қаратилди. Ёлғиз қария ва ётоқдаги беморлар ҳолидан хабар олинди, улар учун уй шароитида тиббий кўриклар ташкил қилинди.
Муножат АБДУЛЛАЕВА, Сергели туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи :
– Ҳудудда З9 та маҳаллада 25 хил миллат вакилларидан иборат 174 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларга 1 та марказий ва 5 та оилавий поликлиникада бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатилади. Айни пайтга қадар аҳолини мақсадли патронаж хизмати билан тўлиқ қамраб олиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада туман тиббиёт бирлашмаси ва маҳалла, умумтаълим мактаби, мактабгача таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик фаолиятлари йўлга қўйилган. Бугунги тадбирнинг айнан ушбу ҳудудда ўтказилаётгани бежиз эмас. Сабаби, туман марказидан узоқ масофада жойлашган "Дарё бўйи" маҳалласига қарашли хонадонлар орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар сони кўпчиликни ташкил қилади. Шу боис ҳам улар саломатлигини назоратга олиш, аниқланган кўрсаткичлар таҳлили бўйича ҳудуд аҳолисига келгусида кўрсатиладиган тиббий хизматлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда уларга мувофиқ иш юритиш мақсад қилинди. Гувоҳи бўлиб турганингиздек, фуқароларнинг ўзлари ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этмоқда. Бу эса биз тиббиёт ходимлари учун ижобий натижа, албатта. Негаки, ўз саломатлигига масъулиятли, тиббий маданияти юксак аҳоли билан ишлаш фаолиятимиз сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Кенг жамоатчилик ҳамкорлигида ташкил этилган тиббий кўрикка ташриф буюрганлар ЛОР, окулист, кардиолог, эндокринолог, гинеколог, травматолог, стоматолог, педиатр сингари тор соҳа мутахассислари ва бошқа шифокорлар қабули ҳамда ЭКГ, УТТ ва лаборатория текширувларидан ўтишди. Тадбир доирасида 40 га яқин хонадонга ташриф уюштирилди, 600 нафардан ортиқ аҳоли саломатлиги тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар юзидаги мамнунлик ифодасидан эса ушбу эзгу ислоҳотлар учун, аввало, Президентимиздан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тадбир ташкилотчиларидан миннатдор эканлигини англаш қийин бўлмади.
Гўзал ИБРАГИМОВА, Тошкент шаҳар эндокринология диспансери шифокори:
– Тиббий кўрик мобайнида 100 нафардан ортиқ қабул ўтказдим, уларнинг аксарияти кекса-нуронийлардан иборат бўлди. Текширувлар жараёнида кўпроқ қандли диабет касаллигининг турли кўринишлари аниқланди. Шулардан келиб чиққан ҳолда уларга бу борада зарурий тавсиялар, тўғри овқатланиш тартиби, ўз вақтида муолажалар олиб туриши лозимлиги тушунтирилди. Айтиш муҳимки, инсон саломатлигини асрашда тиббиёт ходими бу бир воситачи холос, асосий муҳофаза одамларнинг соғлиғига бўлган масъулиятидир. Агар ҳар бир фуқаро соғлом турмуш тарзига амал қилса, ишонаманки, уларда соғлиқ жиҳатидан муаммо бўлмайди. Бундан ташқари, бугунги кунда патронаж хизмати халқ ичига тўлиқ кириб бормоқда, ўз ўрнида аҳолимиз ҳам улар билан ўз хонадони ва оила аъзоларининг саломатлиги йўлида ҳудуд шифокорлари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратиши лозим. Шундагина, Юртбошимиз назарда тутаётган соғлом келажак пойдеворини мустаҳкамлаб, жамият фаровонлигининг ортишига эришамиз.
Мирзо Улуғбек тумани
Мазкур тадбирларнинг мантиқий давоми 19 июль куни Мирзо Улуғбек туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ҳудуддаги "Саломатлик мактаблари", маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, марказий кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар мутахассислари иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил қилинди.
Айтиш жоизки, кенг кўламли мазкур тадбирга тумандаги "Алпомиш", "Нур", "Уйғониш", "Ширинобод", "Навниҳол", "Авайхон", "Оққўрғон", "Дархон" ва Ҳамид Олимжон, Аҳмад Югнакий, Хумоюн ҳамда Улуғбек номли маҳаллалар аҳолиси қамраб олинди. Эътиборлиси, ушбу фаолиятлардан аҳоли мамнун, улардаги фаоллик, ўз саломатлигига бўлган масъуллик ва давлатимизга бўлган миннатдорлик кайфияти амалга оширилаётган хайрли ишлар натижасини ифода этмоқда. Бундан ҳар бир мутасадди ва тиббиёт ходимлари, умуман, мазкур жараёнларда иштирок этиб, барчасига бевосита гувоҳ бўлаётган ҳар бир фуқаро руҳланмоқда.
Севара ҲУСАНОВА, Мирзо Улуғбек туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи:
– Туман миқёсида ўтказилган тиббий кўрикларга 2-сон Республика шифохонасига қарашли поликлиника, шунингдек, ҳудуддаги 6 та оилавий поликлиника имконияти ва мутахассислари сафарбар этилди. 13 та манзилда ташкил қилинган тадбирларда шифокорларимиз томонидан умумий 4 минг 200 нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикка қамраб олинди. Шулардан, 1 минг 967 нафарини катта ёшдагилар ташкил қилса, 1 минг 423 нафари туғиш ёшидаги аёллар ва 677 нафари болалардан иборатдир. Бундан ташқари, 737 та хонадонга ташриф уюштирилиб, оила аъзолари уй шароитида тиббий кўрикдан ўтказилди. Кексалар ва ётоқли беморлар ҳолидан хабар олинди. Маҳалла фаоллари иштирокида уларнинг ижтимоий аҳволи ўрганиб чиқилди. Таҳлилий натижалар хулосаси асосида ҳудуд шифокорларига зарурий кўрсатмалар берилди. Мақсадли патронажнинг "Саломатлик мактаблари" фаоллари билан мунтазам ишлаши, улар вазифасининг моҳияти аҳоли ўртасида яна бир марта тушунтирилди. Ўз ўрнида аҳоли орасида ҳам соғлом турмуш тарзи, шахсий гигиена, тўғри овқатланиш ва тиббий маданият, энг муҳими, ҳар бир инсон ўз саломатлигига, аввало, ўзи масъул эканлиги бўйича тарғибот ишлари олиб борилди. Амалга оширилаётган ишлар натижасини эса халқимиз баҳолайди. Зеро, улар розилигига эришиш фаолиятимизнинг устувор вазифасидир.
Телмон ЎРИНОВ, "Аҳиллик" маҳалла фуқаролар йиғини раиси:
– Мамлакатимизда барча соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар нафақат маҳалла, балки ҳар бир хонадон, ҳар бир оилага кириб боряпти десам муболаға бўлмайди. Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан аҳоли саломатлигига қаратилаётган эътибор бугунги кунда ёшу қарини бирдек мамнун этмоқда. Мана, биргина "Обод маҳалла" дастурини олайлик, тизимдаги алоқадор ташкилотларнинг ҳамкорлигидаги Қўшма қарор асосида патронаж ҳамшира дейсизми ёки "Саломатлик мактаби"нинг маҳалла фаоллари билан биргаликда олиб бораётган фаолиятларини айтамизми ҳаммасининг замирида халқ манфаати мужассам. Албатта, булар ўзидан-ўзи амалга ошадиган ишлар эмас, давлатимизнинг ғамхўрлиги, фидойи касб эгаларининг беминнат меҳнати ортидан рўёбга чиқмоқда. Табиийки, халқимизнинг кайфияти ҳам шунга ҳамоҳанг шаклланмоқда. Ҳар қандай муаммоси бўлса маҳаллага, ҳеч бўлмаса хонадонидан мунтазам хабар олиб турган ҳамшира ва ҳудуд шифокорига айтмоқда. Улар ҳамкорлиги билан маҳалланинг хабардорлиги ортмоқда. Шу маънода айтиш мумкинки, давлатимиз томонидан илгари сурилаётган "Обод маҳалла" дастури ўз вақтида жорий этилган самарали амалиётлардан бири бўлди. Ушбу фаолият мисолида ташкилотлар ва одамлар ўртасида ҳамжиҳатлик, бирдамлик муносабатлари кучаймоқда. Олдимизда турган вазифалар ижросини таъминлашимизда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Яшин ҲАСАНОВ, 6-сонли Оилавий поликлиника бош шифокори:
– Поликлиникамизда 42 минг 661 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатилади. Фаолиятимизни янада такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини мунтазам назоратга олиш, шу мақсад йўлида ҳар бир хонадонга патронаж хизматининг кириб боришини таъминлаш борасида Қўшма қарор доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳудудимизда ташкил қилинган "Саломатлик мактаблари", маҳалла фаоллари, умумтаълим мактаби ҳамда мактабгача таълим муассасалари ҳамкорлигида ижобий ишлар олиб борилмоқда. Бугунги тиббий кўрик ҳам ушбу эзгу ишларнинг мантиқий давомидир. Гувоҳи бўлиб турганингиздек, маҳалла гўзари одамлар билан гавжум ва табиийки, тадбирга ташриф буюрганларнинг барчаси ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган аҳоли қатламидир. Улар қамровидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугунги тиббиётимиз тўғри маънода халқ ишончига сазовар бўлмоқда. Ўйлайманки, ишлар кўлами шу зайлда давом эттирилса, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш у қадар қийин кечмайди.
Муҳаррам НОСИРОВА, "Аҳиллик" маҳалласи фуқароси :
– Тиббиёт ходими хонадонингизга яқин бўлса саломатлигингизга эътиборингиз ҳам ошиб бараверар экан. Соғлом турмуш тарзи асосий қоидамизга айланган. Ҳамшира қизларимнинг меҳнати билан набираларим тўғри овқатланиш, эрталабки бадантарбия, тиббий маданият борасида яхшигина билимдон бўлиб қолишган. Эртанги келажагимиз саломатликни ана шундай қадрловчилар қўлида бўлишини кўриб, албатта, қувонасиз. Маҳалламизда кўплаб мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган тиббий кўрик бўлишини ҳам бир неча кун олдин айтишди. Соғлиғимдан шикоятим бўлмасда, бир кўриб кетай деб келдим. Шифокорларнинг муомаласи, ўзларини тутиши, сизни кутиб олишидан одамларнинг мамнунлигини айтмайсизми. Мени ҳам қўярда-қўймай, офтобда юрибсиз деб, қон босимимни ўлчаб қўйишди, меъёрида экан. ёшимдан келиб чиқиб зарурий тавсиялар берди, барака топишсин. Ўтмишга солиштирсанг хўп ажойиб замон бўлди. Халқимиз давлатимиздан миннатдор бўлиб, Юртбошимизни дуо қилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий поликлиникамиз шифокорларга раҳматлар айтмоқда.
Тадбир доирасида шифокорлар ва Қўшма қарор лойиҳаси ижросини назорат қилувчи ишчи гуруҳ масъуллари ва ҳамкор идоралар вакиллари маҳалла ҳудудидаги Эркин Мираҳмедов хонадонида бўлиб, оила аъзоларининг ҳолидан хабар олишди. Хонадон соҳиблари учун уй шароитида тиббий кўриклар ташкил этилди.
Яккасарой тумани
Таъкидлаб ўтганимиздек, эзгу мақсадларга қаратилган ушбу фаолиятлар Тошкент шаҳри ҳудуди бўйлаб кенг кўламда ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 20 июль куни Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси ташаббуси билан тумандаги "Обод маҳалла" дастури ижроси доирасида "Саломатлик мактаби" ҳамкорлигида "Мерос" маҳалласида ҳам ўтказилди. Ҳудуддаги 100-сонли умумтаълим мактаби биносида ташкил қилинган чуқурлаштирилган тиббий кўрикка 500 нафарга яқин аҳоли қамраб олинди.
Айтиш керакки, мазкур тадбир моҳияти билан аҳоли тўлиқ хабардор қилинган, қабул жараёнини ўтказаётган мутахассислар отахону онахонлар билан самимий муносабатда бўлмоқда. Ўз ўрнида ёшлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Тиббий кўрик доирасида хонадонларга чиқувчи гуруҳ аъзолари ҳам алоҳида фаолият кўрсатмоқда. Умумтаълим мактаби маъмурияти томонидан УТТ, ЭКГ ва лаборатория текширувларига махсус хоналар ажратилиб, шифокорлар ҳамда аҳоли учун зарурий шароитлар яратиб берилган.
Равшан АЛИХОДЖАЕВ, Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи:
– Бу сингари тадбирларни туман миқёсида ўтказиш режалаштирилган, шунга кўра бугун "Мерос" маҳалласида ўтказилмоқда. Айтиш жоизки, тиббий кўрикни ҳаққоний амалга оширилишини таъминлаш мақсадида жиддий тайёргарлик кўрилди. Амалий жараёнга ўз касбининг мутахассислари жалб этилди. Давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасига қаратаётган эътиборлари ҳамда бу борада берган топшириқ ва кўрсатмаларининг ижрога йўналтирилиши соғлиқни сақлаш тизини янада такомиллаштириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, ушбу мақсадларга хизмат қилувчи Қўшма қарор ва бирламчи тиббий-санитария бўғинида "Саломатлик мактаблари" фаолиятининг йўлга қўйилиши шулар жумласидандир. Бундан ташқари, соҳага оид қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларни олиб қарайлик, мақсад битта, у ҳам бўлса тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, тиббий хизматлардан халқимизни рози қилишдир. Қарс икки қўлдан чиқади, бунинг учун аҳоли ҳам ўз саломатлигига эътиборли бўлиши зарур, албатта. Бу каби тиббий кўриклар эса шу мақсад йўлида том халқ билан саломатлигига оид мулоқот вазифасини ўтамоқда, десам муболаға бўлмайди.
Тиббий кўрикка жалб этилган маҳалла аҳолисига айни пайтда ҳудуддаги 59-сонли Оилавий поликлиника томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинади. Шу боис, бу борадаги маълумотлар юзасидан мутахассис фикрига қизиқдик.
Раъно НОСИРОВА, 59-сонли Оилавий поликлиника бош шифокори:
– "Мерос" маҳалласида 4 минг 740 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шулардан, 1 минг 300 нафарини туғиш ёшидаги аёллар, 920 нафарини болалар ташкил этади. Поликлиникамизда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқ ва кўрсатма хатлари асосида саломатлик ҳафталиги, профилактика ишлари, патронаж тизими мунтазам олиб борилмоқда. Ўз ўрнида ушбу амалиётлардаги тиббий хизматлардан мазкур маҳалла аҳолиси ҳам баҳраманд бўлиб келмоқда. Кенг кўламли ҳамкорликда ўтказилаётган ушбу тадбирга тор соҳа мутахассисларидан ташқари, биохимик таҳллиллар текшируви ҳам аҳоли хизматида. Шунингдек, ётоқли беморлар ҳолидан хабар олиш мақсадида 12 та хонадонга ташриф уюштирилди. Шу билан бирга, ҳудуддаги мактабгача таълим муассасасида ҳам мутахассислар иштирокида профилактика ишлари ўтказилди. Мутахассис сифатида мазкур фаолиятларнинг нафақат халқимиз, балки таҳлилий хулосалар учун тиббиётимиз учун ҳам муҳим жараён ҳисоблайман.
Дилдора ХОЛНАЗАРОВА, "Мерос" маҳалласи фуқароси:
– Поликлиникамиз фаолиятидан жуда мамнунмиз. Патронаж ҳамширалари маҳалламиздаги ҳар бир хонадондан мунтазам хабар олиб туради. Улар билан маҳалламиз фаолларининг бир ишлаётганлиги эса айни муддао бўлди. Сабаби, кимдир шифокорни, бошқа биров эса фаолларни ўзига яқин олади. Бугунги тадбирнинг ўтказилиши аҳолининг кўнглидаги иш бўлди. Чунки, поликлиникамиз унчалик узоқ бўлмасада, оилавий боришга кундалик юмушларимиз билан улгурмас эдик. Мана, ушбу мақсадимиз ҳам амалга ошди. Турмуш ўртоғим ҳамда фарзандларим билан барча мутахассисларнинг қабулида кириб, соғлиғимиз ҳақида қимматли маълумотларни олдик. Буларнинг ҳаммасини, аввало, Юртбошимизнинг халқимизга бўлган ғамхўрлиги, тиббиёт ходимларининг зиммасидаги масъулиятни ҳис қилиши, жамият фаровонлиги учун қайғуриши деб биламиз ва барчаси учун миннатдорлигимизни билдирамиз.
ХУЛОСА ЎРНИДА МУЛОҲАЗА
Табиийки, иш бор жойда камчилик ҳам топилади. Аммо назаримизга тушган камчиликлар соғлиқни сақлаш тизимига оид бўлмаган ёки йўл-йўлакай бартараф этиш мумкин бўлган муаммолардан иборат бўлди. Айтмоқчи бўлганимиз эса биргина тадбир доирасида кўплаб хонадонларга мақсадли ташрифлар уюштирилди, ҳудудлардаги аҳоли саломатлигининг айни пайтдаги ҳолатидан бохабар бўлинди. Ўрганишлар натижасида фуқароларнинг соғлиги билан боғлиқ муаммоларини бартараф этишга имкон топилди. Уларга тўғри ташхис орқали зарурий тавсиялар бериш баробарида, зарурат туғилганлари саломатлигини тиклаши учун ҳудуддаги тиббиёт муассасалари ва пойтахтимиздаги етакчи килиникаларга йўналтирилди. Албатта, бу масаланинг бир томони, қарс эса икки қўлдан чиқади. Хўш, халқимиз ушбу фаолиятлардан қаноат ҳосил қилаяптими? Қолаверса, тадбирлар доирасида, шунингдек, "Саломатлик мактаблари" таркибига бириктирилган мутахассислари томонидан маҳалла ва хонадонларда олиб борилаётган соғлом турмуш тарзи бўйича тарғибот ишларидан тегишли хулоса чиқараяптими? Тўғри, ҳали ғалвирни сувдан кўтаришнинг вақти келмагандир. Лекин ушбу фаолиятлар шунчаки ҳисобот тўлдириш ёки кўзбўямачилик учун олиб борилмаётганлигини барчамиз бирдек ҳис этишимиз лозим. Халқимиз томонидан билдирилган муносабатларнинг таҳлили эса "Обод маҳалла" дастури ва унинг таркибига киритилган эзгу мақсадларнинг бош бўғини "Саломатлик мактаблари"нинг фаолияти чиндан ҳам бугуннинг талаби эканлигини ифода этмоқди.
Ҳасан АБДУҒАНИЕВ.
Муаллиф олган суратлар.