Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев, Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Ж.Абдуллазода, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари М.Шоранов, Ҳиндистон вакили доктор К.Упадхьяя нутқ сўзлади.
Форумда халқ табобатининг потенциал ҳиссасидан фойдаланиш, соҳадаги ютуқлар ҳақида маълумот алмашиш, халқ табобати усулларининг миллий соғлиқни сақлаш тизимлари, хусусан, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш ва даволаш соҳасига интеграциялашувини таъминлаш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, репродуктив саломатлик ва педиатрия соҳасида халқ табобати усулларини қўллаш имкониятлари, мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, мутахассисларни аккредитациядан ўтказиш ва хизматлар хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойилларини ишлаб чиқиш каби йўналишларда ўзаро фикр алмашиляпти.