ССВ ТОМОНИДАН ИЛК БОР ТИББИЁТ ВОЛОНТЁРЛАРИ ФОРУМИ ЎТКАЗИЛДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан илк бор “Тиббиёт волонтёрлари” форуми ташкиллаштирилди. Форумнинг асосий мақсади тиббиёт соҳасида кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантиришдан иборат бўлиб, унда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари A. Aзизов, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси A. Жумабаев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Д. Раҳимова ва “Зиё Форум” илм-фан ва таълимни ривожлантириш халқаро жамғармаси директори Б. Фарманов иштирок этди.

Йиғилиш давомида Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари A. Aзизов вазирликнинг келгусидаги режалари ва уларни амалга ошириш механизмлари ва ёшлар билан ҳамкорлик қилиш ушбу мақсадларга эришиш борасида самарали эканини таъкидлаб ўтди.

Тадбир доирасида тиббиёт соҳасида кўнгиллилик фаолиятини олиб бораётган “Ўзбекистон тиббиёт волонтёрлари”, “Ўзбекистон Феномен” ва “Нафас ол, Ўзбекистон” лойиҳалари координаторлари ҳам сўзга чиқишди.

Форумнинг иккинчи қисмида йиғилганлар волонтёрларнинг биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш, фавқулодда ҳолатларда ёрдам кўрсатиш, оғиз бўшлиғи гигиенаси, сунъий нафас бериш каби машғулотлардан иборат маҳорат дарслари билан танишдилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.