Тиббий кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ масала қайта кўриб чиқилмоқда

Маълумки, жорий йил 10 август куни “Kun.uz” сайтида “Мажбурий тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул ундирилмоқда. Бу қонунга зид” сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳудудларда ўқитувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ муаммолар юзасидан қилган мурожаати ва унда кўтарилган масалалар ҳақида маълумот берилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 214-моддасида иш берувчи меҳнат шартномасини тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) вақти-вақти билан ходимларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт эканлиги ва тиббий кўриклардан ўтиш жараёнида ходимларнинг чиқимдор бўлмаслиги, шунингдек зарарли омиллар билан мулоқотда бўладиган шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилган.

Ўз навбатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2012 йил 10 июлда “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 200-сонли (Адлия вазирлигидан 2012 йил 29 августда 2387-сон билан рўйхатдан ўтган) буйруғи қабул қилинган бўлиб, мазкур Низомга кўра юқумли ва паразитар касалликларнинг келиб чиқиши ҳамда тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек касб касалликларини олдини олиш мақсадида дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган озиқ-овқат саноатида, савдо ва умумий овқатланиш ҳамда аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, умумтаълим, мактабгача тарбия, даволаш-профилактика ва бошқа муассаса ходимлари рўйхати тасдиқланиб, иш берувчи томонидан ходимларни даврий тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шарт эканлиги белгилаб қўйилган.

Унга кўра, умумтаълим мактабларининг педагог ходимлари мажбурий тиббий кўрикдан бир йилда бир марта ўтказилиши белгиланган бўлиб, бунда тиббий кўрикдан ўтказиш пуллик асосда амалга оширилиши назарда тутилмаган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 46-моддасида мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиш – педагог ходимларнинг мажбуриятларидан бири эканлиги алоҳида қайд этилиб, ушбу Қонуннинг 45-моддасига асосан педагог ходимларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш (давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари учун) ҳуқуқи берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 11-моддасида ҳар бир корхона меҳнатни муҳофаза қилиш учун зарур маблағларни жамоа шартномасида белгиланадиган миқдорда ажратиши ва корхоналарнинг ходимлари ана шу мақсадлар учун қандайдир қўшимча чиқим қилмасликлари белгиланган.

Юқоридагилардан ҳамда ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун масъул бўлиб иш берувчи ҳисобланиши ва тиббий кўрикдан ўтиш билан боғлиқ харажатларда ходим чиқимдор бўлмаслиги лозимлигини инобатга олиб, иш берувчи бўлиб ҳисобланган давлат муассасалари томонидан мазкур тадбир билан боғлиқ барча фаолият, жумладан бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш масалалари мувофиқлаштирилиши лозим.

  Шу маънода, ҳозирда Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими ҳамда Молия вазирликлари томонидан мазкур масала биргаликда атрофлича кўриб чиқилмоқда. Ушбу соҳага доир ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча маълумот берилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги