2020 йил 18-19 декабр кунлари аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган травматологик-ортопедик ёрдамни яхшилаш, Андижон вилоятидаги мутахассисларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази ходимлари т.ф.н. М.Ф.Қодиров, т.ф.н. Х.Р.Рахматуллаев ва А.Холиқовлардан иборат мутахассислар гуруҳи Андижон вилоятига ташриф буюрдилар. Пойтахтдан ташриф буюрган малакали шифокорлар Андижон вилояти травматология-ортопедия шифохонаси, Андижон вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Шахрихон тумани тиббиёт бирлашмаси ва хусусий клиникаларда бўлдилар, улар томонидан беморларни консультациялари амалга оширилди. Шунингдек 12 нафар беморда юқори технологик, яъни узун суякларни блокловчи интрамедулляр ва суяк усти остеосинтези, тизза бўғими жарохатларини артроскопик усулда даволаш каби операция муолажалари амалга оширилди. Ушбу ташрифдан мақсад, хозирда травматолог-ортопедлар олдида ихтисослаштирилган хизмат сифатини яхшилаш, жаҳон тиббиётидаги янгиликларни жорий этиш ва амалда қўллашдир.
19 дееабрь куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси конференц залида РИТОИАТМ ходимлари ва АДТИ кафедра мудири профессор Қ.Т.Худойбердиев иштирокида вилоятда фаолият юритаётган мутахассислар учун кўргазмали семинар ташкил қилинди. Семинарда “Тизза бўғими жарохатларини даволашда артроскопик усулда оператив даво усуллари”, «Болаларда оёқ ўқи деформацияларини жаррохлик даволаш усуллари» мавзуларида докладлар ўқилди.
Йиғилиш сўнггида вилоят травматолог ва ортопедларининг илмий амалий жамияти йиғилишларини такомиллаштириш, ушбу йиғилишларда вилоятда фаолият юритаётган мутахассислар томонидан амалиётга тадбиқ этилаётган замонавий даволаш усуллари билан ўртоқлашиш, кўп сонли ва очиқ жарохатларни даволашда вилоят ва туман тиббиёт муассасалари шарт-шароитларидан келиб чиққан холда даволаш тажрибалари билан таништириб бориш масаласида келишиб олинди.
Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати