Коррупция — давлат ва жамият учун жиддий хавф

Ҳурматли ҳамкасблар! Азиз юртдошлар!

Коррупция — давлат ва жамият учун жиддий хавф. Шу боис юртимизда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бу иллатга қарши кескин ва муросасиз курашиш, турли бюрократик ҳамда инсон омили билан боғлиқ ҳолатларга барҳам беришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

Албатта, жамоатчиликнинг фаол иштироки ва юртдошларимиз кўмагисиз ушбу мақсад ва марраларга эришиш, тиббиётни коррупциядан холи, тўлақонли халқчил тизимга айлантириш мушкул. Шу сабабли бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликда ўз ечимини кутаётган оғриқли муаммоларимизни елкама-елка туриб, самарали ҳал этиш юзасидан Сизларга мурожаат қилмоқдаман!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши. Коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараш керак”.

Шу маънода, бугун соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик, деб айтиб, тизимдаги “касалликлар”га тўғри ташхис қўйиб, уларнинг давосини топишга биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур.

Ҳурматли фуқаролар!

Марказимиз ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлсангиз ёки қонунчиликка зид бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига алоқадорлиги юзасидан маълумотга эга бўлсангиз, “1203” қисқа рақамли “Ишонч телефони” ҳамда https://t.me/tktiyf_antikorrupsiya_bot расмий телеграм боти ёхуд niito-tashkent@yandex.ru электрон почта манзили орқали ўз мурожаатингизни йўллашингиз мумкин.

Шу ўринда, нафақат коррупцион ҳолатларни баратараф  этиш, балки соҳани янада такомиллаштиришда Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингиз биз учун жуда муҳим эканлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Ҳар бир мурожаат Марказ томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилиб, зарур амалий чоралар кўрилишини маълум қиламан.