Ижтимоий тармоқларда бемор Республика травматология ва ортопедия марказига мурожаат қилгани, шифохона ғазнасига тўловни амалга оширгани, бироқ ундан кейин келган чет эллик беморлар шифокор кўригига ундан олдин киргани, яъни уларга муассасада навбатсиз кириш имтиёзи борлиги танқид қилинган.
Шуни маълум қиламизки, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида 526 нафар ходим фаолият юритади. Марказ консультатив поликлиникаси бўлимига кунига ўртача 500 нафар ва ундан ортиқ беморлар мурожаат қилади. Шулардан 8-14 нафари чет эллик беморлар бўлади.
Йил давомида марказ консультатив поликлиникаси бўлимига 100 минг нафардан ортиқ бемор мурожаат қилади. Муассасада 270 та ўринга эга 10 та клиник бўлим, рентген-диагностика бўлими, тез тиббий ёрдам бўлими ва консультатив поликлиника бўлимлари фаолият юритиб келади.
Бугунги кунда марказнинг барча бўлимлари рақамлаштирилган бўлиб, фаолият электрон дастур асосида олиб борилади. Муассасанинг консультатив поликлиникасида электрон навбат жорий қилинган бўлиб, барча мурожаат қилган беморлар учун навбат асосида электрон анкета шакллантирилади.
Марказ ғазнасида “Ипак Йўли” банкининг Мирзо Улуғбек тумани филиали ходимлари беморларга хизмат кўрсатади.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мурожаатчи Рустам Зоир исмли Facebook фойдаланувчиси марказ консультатив поликлиникаси бўлимига мурожаат қилганлиги тўғрисида маълумот электрон базада мавжуд эмас.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази