Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларидан сўнг Фарғонада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг соғломлаштириш акцияси старт олди.
2022 йил 8 май. Фарғона шаҳри марказидаги “Тўқимачилар” маданият ва истироҳат боғи эрта тонгдан одамлар билан гавжум. Ўсмир ёшдаги йигит-қизлар, кекса ёшдаги нуроний отахон ва онахонлар, қўлида жажжи фарзандини кўтариб олган ёш оналар, болажонлар, қўйинки, юзлаб аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган сайёр тиббий қабулга йиғилган.
Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлган очиқ мулоқотида белгиланган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда вазирлик марказий аппарати жамоаси, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарлари ва шифокорлари, тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари ҳамда маҳаллий мутахассислар, жами 200 нафардан иборат махсус гуруҳ эрта тонгдан аҳолини қабул қилишга киришди.
Маълумки, бугун Фарғона вилояти таркибида 4 та шаҳар, 15 та туман, 1058 та маҳалла бўлиб, уларда салкам 4 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 123 та оилавий поликлиника, 19 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 77 та оилавий шифокор пункти аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Кейинги йилларда юртимиз тиббиёт тизимида бошланган жадал ислоҳотлар Фарғонада ҳам кенг қулоч ёзди. Соғлиқни сақлаш соҳасини одамларга янада яқинлаштириш, тиббий хизмат сифати ва қамровини ошириш борасида эса сезиларли ютуқларга эришиляпти. Аммо тизимда ҳали ечимини кутаётган масалалар йўқ эмас.
Хусусан, вилоятда бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини яхшилаш, олис ва чегара туманларида яшовчи аҳолининг тиббиётга доир муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш, узоқ маҳаллаларда тиббиёт пунктларини ташкил этиш орқали бу манзилларда яшовчи фуқаролар учун сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш борасида бир қатор муҳим вазифалар мавжуд.
Эътиборлиси, вилоятда бошланган соғломлаштириш акцияси айни шу мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир худди Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида бўлгани каби икки босқичда ўтказиляпти. Анъанага мувофиқ, дастлабки босқичда пойтахтдан келган мутахассислар гуруҳлар кесимида вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманига тақсимланиб, жойларда “хонадонбай” тизими асосида аҳолининг тиббиётга доир муаммоларини ўрганмоқда.
Қайси ҳудудда қандай касаллик кўп тарқалган бўлса, жойларга айнан шу йўналишдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг малакали шифокорлари бириктириляпти.
Навбатдаги босқичда вазирликнинг махсус ишчи гуруҳи томонидан ҳудудлардаги ўрганиш натижалари якунларига кўра, Фарғона шаҳри ва вилоятнинг бир қатор туманларида сайёр тиббий қабуллар ўтказиш режалаштирилган.
Бугунги ўтказилаётган тиббий сайёр қабулда фуқаролар дастлаб рўйхатга олиниб, электрон тарзда тор соҳа мутахассислари кўригига йўналтирилмоқда. Шунингдек, бемор тиббий ёрдамга муҳтожлик даражасига кўра таснифланиб, кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳажми туман, вилоят ва республика миқёсида белгилаб олиняпти. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ беморларга эса шу ернинг ўзида ордер расмийлаштирилмоқда.
Қабул давомида туман тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, аҳоли саломатлигини асрашда хусусий тиббиёт муассасалари ўрнини янада мустаҳкамлаш, улар фаолиятига доир муаммоларни ижобий ҳал этиш, қолаверса, вилоятнинг олис ҳудудларида маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш, тез тиббий ёрдам хизматини мақбуллаштириш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиляпти.
Бундан ташқари, пойтахтдан келган энг малакали ва тажрибали шифокорлар томонидан Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали ҳамда туман тиббиёт бирлашмаларида оғир дардга чалинган, лекин даволанишга қурби етмайдиган беморларда давлат ҳисобидан аорта коронар шунтлаш, эндопротезлаш ҳамда буйрак кўчириш каби қатор мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
Эътиборлиси, ўтган бир ҳафта давомида вилоят тиббиёт муассасаларида 100 дан зиёд ана шундай мураккаб операциялар муваффақиятли бажарилди. Ушбу ноёб амалиётларнинг аксарияти эса вилоятда илк бор ўтказилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Фарғонада бошланган соғломлаштириш акцияси тиббиёт тизимини халққа янада яқинлаштириш, юртдошларимизнинг инсон қадрини амалда сезишлари учун қилинган навбатдаги эзгу ва хайрли ишлардан бири бўлмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.