МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИЛК МАРОТАБА...
(МАЗКУР ОПЕРАЦИЯ РЕСПУБЛИКА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТРАВМАТОЛОГИЯ ВА ОРТОПЕДИЯ ИЛМИЙ-АМАЛИЙ ТИББИЁТ МАРКАЗИДА МУВАФФАҚИЯТЛИ АМАЛГА ОШИРИЛДИ)
Куни кеча Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказимизда жамоамиз ходимлари ҳамда Россия Республикаси Краснодар шаҳридаги 1-сонли Кубан клиник шифохонаси илмий текшириш институти травматология ва ортопедия бўлими бошлиғи Олег Сабодашевский ҳамкорлигида Марказий Осиёда биринчи маротаба тизза бўғими артрозида ва остеопоротик катта болдир суягини юқори учлигидан синишида бир вақтнинг ўзида эндопротезлаш ва остеосинтез, ревизион эндопротез ёрдамида амалиёт ўтказилди.
Авваллари олдин остеосинтез қилиниб 6 ой ёки 1 йилда суяклари битгандан сўнг эндопротез қўйилар эди. Ҳозир бир вақтнинг ўзида ревизион эндопротез ёрдамида ҳам синган суякни остеосинтез қилиш ва тизза бўғимини сунъий бўғим билан алмаштириш амалга оширилди. Вақтдан ютилади, оёқ учлари тўғриланади, эрта оёққа туради, қўшимча касалликлари авж олмайди. Бунинг баробарида тиббиёт муассасамизга Россиядан 5 нафар ва АҚШдан 4 нафар ташриф буюрган мутахассислар мараказимизда конференция ва маҳорат дарсларини олиб боришди.
БЕМОР ТЎҒРИСИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ
Бемор Идрисова Диляра 1955 йилда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган. 1997йилдан бери ревматоид полиартрит билан оғриб келган. Диспансер назоратида бўлган. 10 йил олдин қалтис туриб юбориши натижасида чап катта болдир суяги юқори учлигидан синиб кетган ва консерватив даволанган. 1 йил олдин эса бехосдан шошилиб туриш натижасида ўнг катта болдир суяги юқори соҳасида оғриқ сезган ва 3 кундан кейин маҳаллий травматологга мурожаат қилган. Текширувлар натижасида ўнг катта болдир суяги юқори учлигидан синиб кетганлиги аниқланган ва консерватив даволанган. Бемор шу вақтга қадар доимий яшаш жойида травматолог-ортопед ва ревматолог мутахассисининг диспансер назоратида турган ва турли шифохоналарда стационар шароитда консерватив даво муолажаларини ҳам олиб келган. Охирги кунларда юқоридаги шикоятларининг кучайиши бошлаган ва консерватив даво муолажалари умуман фойда бермай қўйган. Ҳозирда бемор юқоридаги шикоятлари билан бизга мурожаат этиб келди ва клиник, рентгенологик текширувлардан сўнг даволаниш мақсадида жароҳат асоратлари бўлимига ётқизилди.
Ташхис: Ревматоид полиартрит. Бўғим тури. АктивликI-даража. Икки томонлама деформацияловчи гонартроз IV-даража. БФЕ III-даража. Ўнг катта болдир суяги юқори учлиги сохта бўғими. Чап катта болдир суяги юқори учлигидан синиб нотўғри битганлиги. Иккала тизза бўғими ва русли деформацияси. Иккала тизза бўғими ёзувчи ва букувчи контрактураси.
Ўтказилган амалиёт: Ўнг тизза бўғимини ревизион BIOIMPIANTI эндопротези билан тотал эндопротезлаш.
Албатта, халқимиз саломатлиги йўлидаги бундай ноёб операцияларнинг юртимизда амалга оширилишида шунингдек, соҳа ходимлари учун кенг имконият яратиб бераётган Президентимиз ва Соғлиқни сақлашх вазирлигига ўз ташаккуримни билдираман. Мақсадимиз халқимиз саломатлиги йўлида астойдил хизмат қилиш экан, бу борада тизим ривожи учун янгиликлар сари изланиб, маҳорат ва тажриба бобида бор билимларимизни сарф этамиз.
Муроджон ИРИСМЕТОВ
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор.