Ижтимоий тармоқларда блогер Нигора Алимованинг Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази тез ёрдам бўлимида беморлар учун зарур шароит яратилмагани ҳақидаги видеомурожаати тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази тез ёрдам бўлимида жароҳат олган ва шошилинч равишда травматологик тиббий ёрдамга муҳтож беморларга хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилган. Ушбу бўлимда беморларга кликник кўриклар, рентгенологик текширувлар ўтказилгач, суякларга нисбатан турли муолажалар ўтказилган ҳолда гипсли боғламлар қўйилади.
Беморларга оператив даво лозим топилса, стационар шароитда даволанишга ётқизилади. Қолганларга эса кейинги даволаниш режаси ёзилган маълумотнома берилиб, уйига рухсат берилади. Маълумотномада беморнинг турар жой поликлиникаси травматологи назоратида бўлиши лозимлиги ёзиб қўйилади.
Блогер Нигора Алимова ўз шикоятида ёдга олган тез ёрдам бўлими шифокори Константин Ким томонидан ёрдам кўрсатиш рад этилганлиги белгиланган тартибга мос равишда тўғри қилинган. Сабаби мурожаатчи олиб келган беморга маълум вақт (7 кун) аввал тез ёрдам бўлимида шошилинч ёрдам кўрсатилиб, гипсли боғлам қўйилган.
Қолган муолажалар эса ўрнатилган тартибга кўра, фуқаронинг яшаш жойи бўйича оилавий поликлиникада давом эттирилиши лозим.
Мурожаатда айтилган ҳолатда эса Марказ консультатив поликлиникасига бемор қайта ўз ихтиёри билан мурожат қилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги 696-сонли Қарорининг 3-боб 13-пунктига биноан имтиёзли йўлланмасиз мурожаат қилган беморларга пуллик асосда тиббий хизмат кўрсатилади.
Шунингдек, блогернинг келтиришича, болаларга ва катталарга кўрсатилаётган тиббий хизматга тўлов турлича бўлиши лозим. Аслида кўрсатилаётган тиббий хизмат учун тўлов шифокорнинг илмий даражаси, малака тоифаси, тиббий хизмат кўрсатишга сарфланадиган вақт йиғиндиларидан келиб чиқади. Қолаверса, гипсли боғлам қўйишда ушбу боғламга қанча боғлов материали ва гипсли бинт сарфланишига қараб нарх шаклланади.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва
ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази