Яқинда ижтимоий тармоқларда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида учта лифтдан иккитаси ишламаётгани ва бу беморлар учун ноқулайликлар туғдираётгани, шунингдек, муассасада барча хизматлар пуллик экани хусусида танқидий материал эълон қилинган эди.
Мазкур ҳолат юзасидан Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази қуйидагиларни маълум қилади:
Сўнгги ойларда юртимизда об-ҳавонинг кескин исиб кетиши сабабли марказда деярли ҳар куни электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бундай ҳолларда марказ ўзининг 100 кВт/соатли электр генератори орқали қувватланади.
Бироқ яқинда электр қуввати узилиши натижасида марказ А корпусининг 7 қаватли биносидаги беморлар учун мўлжалланган иккита лифт блок қисми ҳамда бир қанча тиббий асбоб-ускуналар ишдан чиқиб, носоз холга келиб қолди.
Зарур эҳтиёт қисмлар буюртма асосида Хитой давлатидан келтирилиб, лифтлар тез орада қайта ишга туширилади.
Марказнинг барча хизматлари пуллик деган эътирозлар юзасидан эса шуни маълум қиламизки, бугунги кунда марказ томонидан бир қанча бепул хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Уларнинг тўлиқ рўйхати билан www.uzniito.uz веб-сайти орқали ёки марказга бевосита ташриф буюриб танишишингиз мумкин.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази.