Нортожи опанинг мушкули осон бўлди

Қарши тумани Бешкент шаҳрилик Нортожи Қудратова чап сон суяги синиши туфайли тўшакка михланиб қолган эди.

Узоқ даволанишлар самара бермади. Биргина нажот бор эди – пойтахтдаги нуфузли клиникаларда эндопротез қўйдириш. Аммо масофанинг олислиги дард чекиб ётган бемор учун қийинчилик ва ортиқча харажатларга сабаб бўларди. Вилоятга пойтахтдан келган  малакали травматолог-ортопедларнинг маҳорат дарси ўтказиши Нортожи опанинг мушкулини осон, узоғини яқин қилди. Ўтказилган юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётидан сўнг у тез орада оёққа турди. 

Республика ихтисослаштирилган травматология-ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказидан марказнинг Қашқадарё филиалига келган малакали травматолог-ортопед мутахассислар Бекзод Эргашев, Аброр Азизов ва Чоршанби Хушбаков навбатдаги режали маҳорат дарси шаклидаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва тиббий кўрик ўтказишди.  

–Чаноқ-сон бўғимини тотал эндопротезлаш ва узун найсимон суякларда БИОС стержень билан остеосинтез қилиш сингари фақат пойтахтдаги нуфузли клиникалар шароитида амалга ошириб келинган 2 та мураккаб жарроҳлик амалиётини қаршилик ҳамкасбларимиз билан бирга бажардик, – дейди марказ ходими, тиббиёт фанлари номзоди Аброр Азизов. – Мақсадимиз, халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, травматология ва ортопедия соҳаларида эришилган тиббий ютуқларни халқимизга етказиш, одамларни рози қилиш борасидаги улуғвор ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшишдир. Малакали мутахассислар томонидан ўтказилган тиббий кўрикларда беморлар учун зарур бўлган маслаҳат ва тавсиялар берилди.  

 

Ўлмас Баротов, ЎзА