Косонлик бемор уч йиллик дарддан 60 дақиқада халос бўлди

Бугун замонавий тиббиётда инвазив жарроҳлик амалиёти кенг қўлланилмоқда. Шундай операциялардан бири артроскопия деб номланади. У бўғимларнинг ички қисмидаги шикастланишларни ташхислаш ва даволашга қаратилган илғор муолажа усулидир. Эътиборлиси, бу амалиёт тана ва бўғимларга ортиқча тиғ теккизмасдан, митти камерали махсус ускуна ёрдамида бажарилади. 

Яқинда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида шундай мураккаб операция ўтказилди. У муассаса директори Мурод Ирисметов бошчилигида ва шифокор Санжар Қодиров ассистентлигида амалга оширилди.

Бемор Нурали Рўзиев Қашқадарёдан, 28 ёшда. У бир неча йилдан бери чап елка бўғимининг тез-тез чиқиб кетишидан азият чекиб келган.

— 2019 йилдан бери чап елкам чамаси 40 мартага яқин чиқиб кетди, — дейди бемор. — Ҳатто ухлаётганимда ҳам шундай ҳолат такрорланаверди. Сўнгги марта оғриқ зўрайганидан қўлимни ҳаракатлантиролмай қолдим. Шу сабабли ушбу марказга мурожаат қилдим.

— Жорий йилнинг 1 февралидан марказимизда Артроскопия бўлими фаолият бошлади, — дейди муассаса директори Мурод Ирисметов. — Бу каби юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ана шу бўлимда ўтказилмоқда. Елка бўғими қон-томир ва мушакларга бой. Шунинг учун тананинг бу соҳасидаги очиқ операциялар анча хавфли бўлиши, бемор кўп қон йўқотиши ва унда неврологик асоратлар пайдо бўлиши мумкин. Артроскопия эса касалликни самарали даволашга ёрдам беради. Ушбу операция одатда бир ярим соатгача давом этади. Биз мазкур амалиётни 60 дақиқада бажардик.

Шифокорнинг таъкидлашича, операция кичик кесмалар орқали амалга оширилгани сабабли бемор тез ва осон ўзини тиклаб олади. Уч-тўрт ҳафтадан сўнг одатий ҳаётга қайтади. Беш-олти ойдан кейин эса спорт билан фаол шуғулланиши мумкин. 

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида жорий йил якунига қадар 2 мингдан ортиқ шундай мураккаб амалиётларни ўтказиш режалаштирилган.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 

Матбуот хизмати.