• РСНПМЦ ТО
  • Пресс-центр
  • Новости
  • Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия марказидаги тиббий кўрик жараёни билан боғлиқ видеомурожатга муносабат

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия марказидаги тиббий кўрик жараёни билан боғлиқ видеомурожатга муносабат

Ижтимоий тармоқларда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида тиббий кўрик жараёни тартибга солинмагани, сансоларлик ҳолатларига йўл қўйилаётгани юзасидан видеомурожаат эълон қилинди. 

Мазкур ҳолат бўйича олиб борилган ўрганишлар натижасида қуйидагиларни маълум қиламиз.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида тиббий текширувлар муассасанинг 150 қатновга мўлжалланган поликлиникасида амалга оширилади. 

2020 йилда мазкур поликлиникага 57 минг 322 нафар бемор мурожаат қилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 75 минг 323 нафарни ташкил қилди. 

Мурожаатлар қамрови тобора кенгайиб бораётгани ҳисобга олиниб, марказ поликлиникасида қўшимча тиббий кўрик хоналари ташкил қилинган. Натижада 6 та кўрув кабинетлари қаторида  қўшимча равишда яна 14 та амбулатор кўрик хонаси очилиб, улар сони 20 тага етказилди. Ўз навбатида, тиббиёт ходимлари сони ҳам оширилди.

Шунингдек, пулли хизматлар учун тўловларни қабул қилишга мўлжалланган қўшимча касса фаолияти йўлга қўйилди. Ўз навбатида, хизмат кўрсатувчи банк маъмурияти билан келишган ҳолда кассир ходимлар сони 4 нафарга кўпайтирилди. 

Бундан ташқари, марказда беморлар қўшимча инструментал текширувларга йўлланган тақдирда, ҳеч қандай қоғозбозлик талаб этилмаслигини эслатиб ўтамиз. Айни пайтда бу жараён тўлиқ махсус электрон тизим орқали бажарилмоқда. 

Содда қилиб айтганда, ана шундай қулайликлар туфайли ҳар бир беморда ўтказиладиган тиббий текширувлар ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда масъул врач компьютерида акс этиб туради.

Шунга қарамай, юқорида қайд этилган видеомурожаатда келтирилган эътирозларни инобатга олиб, келгусида беморлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилишини маълум қиламиз .

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази.