Тиббиётдаги ислоҳотлар: янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар: янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Таъкидланганидек, истиқлол йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. 

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки давридаёқ аҳоли саломатлигини асраш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш масаласини устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берди. 

2022 йилнинг ўзида тиббиёт соҳасига бюджетдан 29 триллион сўм йўналтирилди. Тизимни тубдан яхшилаш бўйича Президентимизнинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида ҳам катта ўзгаришлар, янгиланишлар юз берди. Хусусан, травматология ва ортопедия илми ва амалиётининг сўнгги вақтлардаги тенденцияларини ҳисобга олиб, марказда реструктуризация ҳисобига бир неча янги бўлимлар ташкил этилди. Соҳага қаратилаётган эътибор натижасида тизимдаги мавжуд кўпгина муаммолар буткул барҳам топди.

Вилоятларда эса болалар травматологияси ва ортопедиясида энг кўп учрайдиган сон суягини туғма чиқиши, оёқлар деформациялари, суяк синишлари каби патологияларни эрта диагностикаси ва даволаш сифати кўтарилгани сабабли ҳудудлардан мурожаатлар сони камайди. Шуни ҳисобга олиб болалар ортопедияси ва болалар травматология бўлимлари бирлаштирилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон тиббиёт амалиётида ноёб соҳа – қўл ва оёқ панжаси хирургияси бўлими ташкил этилди. Елка бўғими жароҳатлари ва касалликларини даволашда артроскопик технологияларни татбиқ этиш мақсадида иккинчи артроскопия бўлими ташкил этилгани соҳада яна бир муҳим қадам бўлди. 

Жаҳон тиббиётида энг кўлами кенг, аммо республикамизда энди шакллантирилаётган соҳа – реабилитация соҳасини ривожлантириш учун алоҳида реабилитация бўлими ишга туширилди.

Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган вақт ичида қанчадан-қанча бемор ушбу марказ орқали ўз соғлигини тиклади, хорижга бориб даволанишга сарфланадиган пули тежалди.

Тадбир якунида мамлакатимизда аҳоли соғлиғини таъминлаш билан боғлиқ мақсадларни амалга оширишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.