Расмий муносабат

Ижтимоий тармоқларда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий марказининг бир гуруҳ тиббий ходимларининг аноним мурожаати тарқалган.

Бу бўйича марказ маъмурияти қуйидагиларни маълум қилади.

Мурожаатда “Охирги 3-4 йил мобайнида бизнинг маошларимиз тизимли равишда пасайиб келмоқда” деб айтиб ўтилган. Аммо ҳақиқат шуки, сўнгги вақтларда давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ходимларини моддий ва маънавий қўллаб қувватлаши натижасида уларнинг яшаш тарзи ижобий томонга ўзгарди.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази хўжалик маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат муассасаси ҳисобланади. Марказнинг иш юритувида бўлган барча, жумладан, меҳнатга оид муносабатлардаги ҳужжатлар амалдаги қонунчилик талаблари асосида юритилиб, ходимларнинг ойлик иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган бошқа тўловлар ўз вақтида тасдиқланган штатлар жадвалида белгиланган миқдордан кам бўлмаган ҳолда тўлаб бориляпти. Шу билан бирга, байрам муносабатлари билан ходимларга қўшимча мукофот тўловлари ҳам амалга оширилиб борилмоқда.

Масалан, 2023 йилдан буён ойлик маошлар бир неча баробарга ошган. Бу ерда 2024 йилда шифокорларнинг ойлик маошлари 2023 йилга нисбатан 114% га, ҳамшираларники 105%га, кичик тиббий ходимларники эса 109% га ошган. 2025 йилда эса 2024 йилга нисбатан ушбу кўрсаткичлар мос равишда 119% га, 109% га ҳамда 110% га оширилган.

Бу ерда ёшлар ўртасида тиббиётга қизиқиш уйғонди. Фақатгина травматология ва ортопедия соҳасини оладиган бўлсак,
3-4 йил аввал клиник ординатура учун 10 та квота белгиланган, ариза топширувчилар сони эса 5-6 тани ташкил қилар эди. Бугунги кунда эса клиник ординатурада таҳсил олишни хоҳловчилар сони белгиланган квотадан
2-3 баробар кўп ва йилига 40 нафардан ортиқ битирувчилар клиник ординатурада таҳсилни давом эттирмоқда.

Айнан марказ ходимлари масаласига келсак, юқорида айтиб ўтилган
3-4 йил аввал марказ ходимларининг аксарияти қўшимча равишда бошқа жойда ишлашга мажбур эди. Уларнинг айримлари шаҳар шифохона ва поликлиникаларидаги травматологик пунктларда тунги навбатчиликда, олий ва ўрта махсус тиббиёт ўқув даргоҳларида ўриндош сифатида фаолият олиб боришарди.

Муассаса раҳбарияти томонидан юқори технологияли асбоб ускуналарни харид қилган ҳолда жаҳон тиббиёти амалиётида бажариладиган мураккаб операцияларни марказ ва филиаллар амалиётига жалб этилиши натижасида бу ерда даволанувчи маҳаллий ва хорижий фуқаролар сони кескин ортди. Шунингдек, фуқаролар хорижга чиқиб даволаниши учун эҳтиёж қолмади. Бу эса ходимлар марказ шароитида етарлича меҳнат хажми билан таъминланиши, қилинган ҳар қандай меҳнат эса қўшимча моддий рағбатлантирилишига олиб келди. Шу туфайли ҳозирги кунда бу ердаги асосий ходимлардан деярли ҳеч ким бошқа муассасаларда ўриндош сифатида фаолият олиб бормаяпти.

Шунингдек, 3-4 йил аввал марказ ходимларининг бир қисми оиласи билан ижарада яшаб келган бўлса, ҳозирги кунда бу шифокорларнинг ўз уй-жойлари мавжуд. Бу юртимизда уй-жой сотиб олиш учун кредит олиш тизими яратилгани ва марказ ходимларининг маошлари миқдори билан ойма ой кредитни қоплаш имконияти борлигидан далолат.

Мурожаатда келтирилган “Марказга ҳар қандай дастгоҳ-ускуналар, дори-дармонлар, анжомлар ва ҳоказолар харид қилинганда, бу шахс албатта ўзининг 30-40 фоизлик улушини ҳам қўшиб, фирмалардан “откат” кўринишида ундиради” деган маълумот мурожаатчини ватанимизда истиқомат қилмаслиги белгисидир. Чунки ҳозирда ҳар бир харид Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни асосида амалга оширилиб, инсон омили тўлақонли бартараф қилинган.

Харидларни белгилаш асосан таркибида директор бўлмаган “Харид комиссияси” томонидан амалга оширилади. Қиммат нархли тиббий жиҳозлар харид қилинишида эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходимлари иштирокидаги гуруҳ томонидан экспертиза хулосаси талаб этилади.

Жорий йилда марказ маъмуриятининг саъй-харакати туфайли ҳомийлик асосида мутлақо бепул равишда марказга ва филиалга олиб келинган жуда қимматбаҳо 3 дона робототехника мосламаси ҳам юқорида айтиб ўтилган экспертиза хулосасидан кейингина божхона рухсатидан ўтди.

Эндопротезлар масаласида билдирилган маълумотлар ҳам ҳақиқатга мос эмас. Чунки 3-4 йил аввал эндопротез билан таъминловчи табиркорлар сони 3-4 нафарни ташкил қилган бўлса, ҳозирда марказ раҳбарияти томонидан рақобатга кенг йўл очиб борилиши натижасида уларнинг сони 10 нафардан ортиб кетди. Ушбу рақобат эндопротез таннархининг 30-40 фоизга арзонлашишига ва сифатнинг ошишига олиб келди. Маълумот учун шуни таъкидлаб айтиш жоизки, марказ дорихонасида юртимизда фаолият юритаётган барча тадбиркорларнинг маҳсулотлари мавжуд ва улар чакана савдодагидан 20 фоизгача арзон нархларда харид қилинишига эришилган.

Марказ фаолиятини ўзини ўзи тўла молиялаштириш тизимида олиб боради. Мурожаатдаги “кўп илмий бўлимлар ёпилиб, деярли барча бўлимлар эндопротезлаш бўлимига айлантирилган” деган маълумот мурожаатчи марказ ходими эмаслигидан далолатдир. Чунки бу ерда ҳеч қайси бўлим ёпилмаган, ҳеч қайси бўлимнинг илмий фаолияти қисқартирилмаган. Фақат бўлимлар номи ўзгартирилган ҳолда фаолият йўналиши кенгайтирилган. Бундан мақсад мурожаат қилиб келувчи беморларнинг сунъий равишда ҳосил бўладиган навбатини бартараф қилишдир. Чунки 3-4 йил аввал эндопротезлаш, артроскопия билан фақат биттадан бўлим шуғулланган бўлиб, унда ойлаб навбатлар мавжуд эди. Ҳозирда эса эндопротезлаш, артроскопия муаммолари билан шуғулланувчи бўлимлар сони кўпайтирилгани натижасида эркин рақобат юзага келди, навбатлар бартараф этилиб, даволаш сифати ошди.

Фуқароларнинг бундай асоссиз ва ёлғон маълумотларга ишонмасликларини сўраб қоламиз.

 

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази маъмурияти.