Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт марказида ўтказилаётган жарроҳлик амалиётлари йилдан йилга такомиллашиб бормоқда. Масалан, биргина ўтган йилнинг ўзида бу ерда бажарилган 7 минг 150 та операциядан 3 минг 968 таси юқори технологик амалиётлар экани сўзимиз тасдиғидир.
Умуртқа поғонаси деформациясини коррекция ва стабилизация қилиш амалиёти – шундай операциялардан бири. Хўш, унинг мураккаблиги нимада?
— Ушбу хасталик нормал умуртқа поғонаси шаклининг ўзгариши бўлиб, одатда унинг 3 хил – сколиоз (ёнга), лордоз (олдинга) ва кифоз (орқага) қийшайиши кузатилади, — дейди муассаса катта илмий ходими, малакали хирург Зафар Холов. — Катта ёшли кишиларнинг умуртқа поғонасида олд ва орқа томонга қараган кичикроқ букилма бўлади. Бу касаллик эмас, табиий физиологик ҳолат ҳисобланиб, бола тик туришга ва юришга ўргана бошлаганида вужудга келади.
Умуртқа поғонаси деформациясида эса умуртқа поғонасининг олд ва орқа томонга қараб қийшайиши кузатилади. Бу хасталик бола улғайгани сари зўрайиб боради.
Фарғоналик Муҳайё Қўрғонова фарзанди 12 ёшга кирганида унинг умуртқа поғонасидаги нотабиийликни сезган эди. Бир-икки йиллик муолажаларга қарамай, умуртқанинг бир томонга қийшайиши тўхтамади.
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт марказига мурожаат қилганидан сўнг болада умуртқа поғонасининг коррекция ва стабилизация операцияси амалга оширилди.
Жарроҳлик амалиётининг мураккаблиги шундаки, умуртқа бўйлаб жойлашган орқа мия тана ҳаракатининг асосий пунктларини назорат қилади. Унга шикаст етиши беморнинг ҳаракат фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
— Жарроҳлик амалиётидан сўнг ўғлимнинг умуртқа поғонасидаги камчиликлар бартараф этилди, — дейди М. Қўрғонова. — Фарзандим ҳозир 15 ёшда. Ўртоқлари билан бемалол ўқишга бориб келяпти.
Мутахассис беморнинг ҳолати бўйича қуйидагиларни маълум қилди:
— Умуртқа поғонасининг қийшайишида тана баланси бузилади. Бу эса ўз-ўзидан оғриқни келтириб чиқаради. Ушбу беморимизда ҳам шу ҳолат кузатилган, — дейди З. Холов. — Унга коррекция ва стабилизация операциясини тавсия қилдик. Бу юқори технологик амалиёт бўлиб, 4-5 соат давом этади.
Айни пайтда бемор марказда даврий реабилитация муолажаларини олмоқда.